Комсток қурти хавфли карантин зараркунандаси

Комсток қурти – Pseudococcus comstocki Kuw. Тенг қанотлилар туркумининг, кокцидлар – Coccideae кенжа туркумига, сўрувчи ҳашаротларнинг унғуборли қуртлар оиласига мансуб бўлиб, хавфли ички карантин ҳашаротдир. Комсток қуртининг ватани Япония ва Хитой давлати бўлиб, Ўзбекистон худудига 1939 йилда тут кўчати орқали кириб келган. Комсток қурти зараркунандаси бугунги кунда Республикамиз ва Қорақалпоғистон Республикасида жами 5909,43 га майдонга тарқалганлиги аниқланган.

Комсток қурти хавфли карантин зараркунандаси

Зарари: Комсток қурти қишлоқ хўжалиги экинларининг ўта хавфли зараркунандаси бўлиб, 300 хил ўсимликни зарарлайди. Мевали дарахтлардан анор, беҳи, олма, нок, шафтоли, шунингдек тутларга қаттиқ зарар келтиради. Улар дарахт танаси, шохлари ва баргларида катта-катта колония бўлиб жойлашади ва дарахт ширасини сўриб олиб, унинг дармонини қуритади ва ўсишини заифлаштиради. Кучли зарарланган дарахтларда шишлар пайдо бўлиб, ёш новдалар қурийди ва барглари тўкилади. Ҳосилдаги махсулот сифати пасайиб, ҳосилдорлиги камаяди.
Комсток қурти тут дарахтига катта зарар келтиради. Зарарланган тут барглари сарғаяди ва хазонга айланиб тўкилади. Комсток қуртининг чиқиндиси билан ифлосланган тут барглари ипак қурти учун зарарли ҳисобланади.Анор мевасининг косачаси комсток қурти ва унинг тухумини яхши ривожланишида қўл келади ва ҳосилдорликни кескин камайтиради.
Ташқи тузилиши: Эркак ва урғочи зотлари ташқи тузилиши бўйича кескин фарқланади. Урғочиси ясси шаклли, қанотсиз, кам ҳаракат ва усти оқ мумсимон доғлар билан қопланган бўлиб, 5 мм узунликда бўлади. Танасининг ён томонида 17 жуфт мумсимон ўсимталари бор, дум қисми сезиларли даражада чўзинчоқ бўлади. Мўйловлари саккиз бўғинли бўлади. Комсток қуртининг эркаги 1 жуфт шаффоф қанотли, серҳаракат, ранги қизғиш-жигарранг тусда, узунлиги 1-1,5 мм, мўйловлари 10 бўғинли.
Ҳаёт кечириши: Ўзбекистонда комсток қурти бир йилда уч марта насл беради, қисман тўртинчи марта ҳам насл тарқатади. Лекин совуқ тушиши билан тўртинчи насл қирилиб кетади. Комсток қурти тухум босқичида қишлайди. Бир урғочи қурт 250 дан 600 донага қадар сарғиш – зарғалдоқ тусдаги тухумни мумсимон оқ қопчиққа ташлайди. Бу қопчиқни урғочи қуртнинг мум ажратувчи безлари ясаб чиқаради. Учинчи насл сентябр-декабр ойларида қишлаш учун тухум ташлайди. Бу мумсимон қопчиқлар ёздагиларига нисбатан сертук ва зичроқ бўлади. Бир авлодининг ривожланиши ҳароратга қараб 42 кундан 65 кунгача давом этади.
Тухумлари тупроқнинг 5 см дан 16 см чуқурлигида ва камдан-кам ҳолларда 30 дан 40 см гача чуқурликда бўлади. Қишлайдиган тухумлар совуққа жуда чидамли бўлади. Ҳарорати -300С бўладиган мамлакатларда (АҚШ нинг Пенсильвания, Огайо, Индиана штатларида) ҳам комсток қурти тарқалган. Одатда комсток қурти октябр-ноябр ойларида ҳам дарахтларда ва уларнинг яқинида ҳаракатчан босқичда ёки тухум шаклида жуда кўп тўпланади. Совуқ тушиши билан қуртлар ва урғочилари батамом ҳалок бўлади. Қишга ташланган тухумларнинг ҳаммаси қирилиб кетади. Фақат қиш яхши келиб, иссиқ бўлганидагина табиатдаги комсток қурти тухумлари 5-15 фоиз сақланиб қолади. Шунинг учун, одатда комсток қуртининг биринчи насли жуда оз бўлади. Қишлаб чиққан тухумдан қурт чиқиш даври тутнинг куртакланиши ва дастлабки барглари пайдо бўлиши вақтига яъни тахминан март ойининг охири ва апрел ойининг бошларига тўғри келади. Тухумдан чиққан қуртлар дастлабки 2-3 кун мобайнида мумсимон қопчиқда туради, сўнгра ўрмалаб, баргларнинг таги, томирлари бўйлаб ёпишиб олади. Ҳарорат ва ҳаво намлиги комсток қуртининг ривожланишига таъсир этувчи асосий омиллар ҳисобланади.
Агротехник кураш: Мевали ва манзарали дарахтларнинг қуриган шохлари кесилиб, зарарланган новдалари олиб ташланади, дарахтлар эски пўстлоқларидан тозаланади. Уларнинг танаси эрта кўкламда қаттиқ чўтка ёрдамида тозаланади. Бегона ўтлардан холи қилиниб, дарахтларнинг қатор ораларига, поясининг атрофларига агротехник мевали ва манзарали ишлов берилади. Муайян тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган дарахт турлари ва навлари танлаб экилади.Зараркунанданинг кучли тарқалиши ва ривожланиши хавфи бўлган жойларга чидамли навларни экиш тавсия этилади. Ўсимлик кўчатларини экишдан олдин ерни минерал ўғитлар билан бойитиш ва агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолда тайёрлаш зарур.

Комсток қурти хавфли карантин зараркунандаси


Биологик кураш: Псевдафикус энтомофагини биолабораторияда дала шароитларида кўпайтириб, зараркунанда мавжуд бўлган тут дарахти, анор, анжир ва бошқа экинларга тарқатилади. Бунинг учун кузда мўмиёлашган комсток қуртларини табиатдан йиғиштириб олиб, лабораторияга олиб келинади ва совутгичларда -3 дан +60 гача бўлган шароитда баҳоргача сақланади. Март-апрел ойларида эса қайтадан табиатга, комсток қурти тарқалган дарахтларга қўйиб юборилади.
Кимёвий усул ёрдамида зараркунандаларга қарши мевали дарахт ва экинларга қуйидаги инсектицидлар билан ишлов берилади:Багира 20% с.э.к. 0,5 л/га, Дифен Супер 55% н.кук. 0,15-0,25кг/га препаратлари ўсимликнинг ўсув даврида пуркалади. Алипро 950 г/л эм.к.10-15 л/га, Овипрон 2000 эм.к.(800г/л) 10-15 л/га препаратлари ўсимликнинг гуллагунигача ёки гуллашидан сўнг пуркалади. Препарат №30 76% н.э. 40-100 л/га эрта бахорда дарахтлар куртак ёзгунча пуркалади.
Карантин кураш тадбирлари: Комсток қурти ўчоқларини топиш, тарқалиш чегарасини белгилаш ҳамда қарши кураш миқёсини аниқлаш учун мутахассислар ҳар йили тут, анор кўчатлари ҳамда бошқа дарахт ва дала экинлари, бегона ўтларни кўздан кечирадилар.
Карантинга олинган ҳудудда хўжалик, ташкилот, корхона раҳбарлари шу зараркунандага қарши курашиш тадбирларини ўз вақтида ва тўла қилишлари даркор.
а)пайванд қилинадиган тут ва бошқа мевали, манзарали дов-дарахтлар комсток қурти билан зарарланмаган участкалардангина олиб тайёрланиши керак;
б)комсток қурти билан зарарланмаган туманларга тут барги олиб борилишига йўл қўйилмайди;
в) зарарланган зонадан бошқа хўжаликларга, туман, шаҳар, вилоятларга кўчат ҳамда ўсимликлардан олинадиган бошқа маҳсулотлар ўсимликлар карантини давлат хизмати органлари берадиган карантин сертификатлари асосида, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда юборилади;
г) комсток қурти карантин остига олинган ҳудудларда янги кўчатзорлар, тутзорлар, боғлар, токзорлар, анорзорлар фақат ўсимликлар карантини давлат хизмати органларининг рухсати билангина барпо қилиниши шарт.
Юқоридаги чора-тадбирларни амалга оширишда сифатли ҳамда ўз вақтида ташкил этиш, экинларни комсток қуртидан химоя қилишнинг гарови бўлиб ҳизмат қилади.

Вилоят ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси

Чортоқ тумани бўлими инспектори: Шерзод Юсупов