Калифорния қалқондори — Diaspidiotus pеrniciosus Comst

Таърифи. Урғочи қалқондор тана узунлиги лимонсимон сариқ, кенг ноксимон, узунлиги 1,3мм гача. Кўзи, мўйлови ва оёқлари йўқ. Урғочи танаси қалқони билан ёпилган. Қалқони думалоқ, диаметри 1,5-2мм, бироз қайрилган, тўқ-кулранг ёки жигаррангли, марказида 2та сариқ-жигарранг личинкани териси жойлашган. Қалқон туси озиқа ўсимликка боғлиқ холда ўзгариб боради. Эркагини узунлиги 0,85мм гача, тиниқ зарғалдоқ тусда, 10-мўйлов бўғими, оёқлари ва олдинги қанотлари яхши тараққий этган, оғиз аппарати йўқ. Қорин қисми оҳирида узун ўсимтаси бор.

Ҳаёт кечириши. Биринчи ёш личинкалари қалқон остида қишлаб чиқади. Булар одатдаги 1-ёш личинкалардан фарқ қилиб, йирикроқ қалқон билан (2-2,5 марта катта) қопланган. Совуқ тушиши билан қолганлари (етук зот ва 2-ёш личинкалари) ўлиб кетади. Февралнинг охирларида уйқудаги личинка иккинчи ёшга ўта бошлайди. Лекин қиш пайтида 20-50% личинкалар ўлиб кетади. Дарахтлар кўкара бошлаши билан личинкалар озиқланишни бошлайди ва 2 марта пўст ташлаб жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади. Эркак ва урғочи зотларнинг нисбати ўртача бирга-бир тўғри келади. Иккинчи бўғин учун урчиган урғочи зот 1 ойча етилгач, тирик туға бошлайди. Бошқача қилиб айтганда, личинкалар она танасида туғилишдан олдин тухумдан очиб чиққан бўлади. Булар ҳам дарахт бўйлаб тарқаб кетиб янги бўғинни бошлаб беради. Ўзбекистон шароитида калифорния қалқондори мавсумда 4-5 та бўғин бериши мумкин. Ҳар кайси бўғин личинкаларидан бир қисми қишлашга қолади. Ва ниҳоят, охирги авлодининг 1-ёш личинкалари махсус тайёргарлик кўриб, она қалқони остида қишлаб қолади. Аммо, шароит мавжуд бўлса (иссиқхона ва бошқа хонадонлардаги ўсимликлар) калифорния қалқондори йил мобайнида тинмай ривожланиши мумкин.

Зарари. Калифорния қалқондори 150 дан ортиқ дарахт ва манзарали экинларда учрайди. Шохлар, новдалар, барглар ва меваларнинг ширасини сўриб озиқланади. Зарарланган жойларда пўстлар ажралади, шохлар қийшаяди, барглар буришади, тўкилади, меваларда сўрилган жойни ўрнида қизил доғлар ҳосил бўлади, меваларнинг ҳосилдорлиги ва сифати пасаяди.

Кураш чоралари.

Агротехник тадбирлар. Эрта кўкламда буталган шох ва новдаларни ёқиш, дарахтларни тозалаб эски пўстлоқларни ёқиш. Калий ва фосфорли ўғитлар билан ўғитлаш ва суғориш.

Кимёвий усул. Куз ва эрта баҳорда дайди личинкаларга қарши давомли таъсир қилувчи: карбофос (фуфанон), 57% эм.к – 0.6 л/га; бензофосфат (золон), 30 % эм.к – 2,3-4,6л/га; БИ-58, 40% эм.к – 2,0 л/га; данадим, 40% эм.к – 1,0 л/га; нуррел-Д, 55% эм.к – 1,0л/га; адмирал, 10% эм.к – 0,5 л/га, данитол, 10% эм.к – 1,0л/га, каби ва бошқа препаратларни пуркаш тавсия этилади.

Калифорния қалқондори — Diaspidiotus pеrniciosus Comst

Фарход НАЗАРОВ,
Шерзод ЮСУПОВ,
Наманган вилоят ўсимликлар карантини ва химояси агентлиги инспекторлари.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz