МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ ХАВФЛИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ: ОЛМА МЕВАХЎРИ

(Carpocapsa (Cydia) pomonella L)

Зарари. Олма қурти (Carpocapsa (Cydia) pomonella L) 30 турдан ортиқ мевали дарахтларни, жумладан олма, нок, беҳи, ёнғоқ, ўрик, шафтоли ва олхўрини зарарлайди. Қурт мева ичига тешиб кириб бозорбоплигини пасайтиради ва чиришига сабаб бўлади, бундай меваларни сақлаб бўлмайди.
Таърифи. Капалаги қанотларини ёзганда 14–20 мм, олдинги қанотлари кул ранг, учи қорамтир, орқа қанотлари оч қўнғир тусли бўлади. Қуртининг узунлиги 10–20 мм, усти пушти, пасти оқ ёки сарғиш, танасида тукли майда оч кул ранг доғчалар бор, боши ва энса усти оч қўнғир ёки қизғиш тусда, ёш қурт оқ рангда бўлади. Ғумбаги юмшоқ пилла ичида туради.
Ҳаёт даври. Дарахт пўстлоқлари орасида, боғ ичидаги шохлар остида, омборхона ва бошқа ҳимояланган жойларда, ёш боғларда эса илдиз бўғзи атрофидаги тупроқнинг 3 см гача бўлган чуқурлигида, пилла ичида катта ёшли қурт шаклида қишлайди. Эрта кўкламда қуртлар ғумбакка айланади. Олма гуллай бошлаганда ғумбакдан капалаклар учиб чиқади, учиш 7–14 кун давом этади, учишнинг 2–4 – куни урчиб тухум қўйиш бошланади, оммавий тухум қўйиш 8–10 – куни бошланади. Урғочиси олма баргларига ва мева тугунчаларига биттадан, жами 100–160 та тухум қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар барг ва мева эти билан, кейинчалик унинг уруғи билан озиқланади. Ҳар бир қурт 2–3 тадан мевани зарарлайди. Мевага кирган жойида чиқиндисини кўриш мумкин. Қурт етилгандан сўнг мевадан чиқиб, дарахт устида ёки яқинида ҳимояланган ҳолда ғумбакка айланади. Йилига 3 марта авлод беради.

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ ХАВФЛИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ: ОЛМА МЕВАХЎРИ


Кураш чоралари. Кузда хазон баргларни тўплаб кўмиб юбориш; дарахт танасини эски пўстлоқлардан тозалаш; дарахт атрофини яхшилаб чопиқ қилиш; дарахтлар танасини оқлаш; боғларда тутқич белбоғлар ўрнатиш; пишмай тўкилаётган меваларни ҳар куни териб олиш.
Мева сақланадиган биноларга капалаклар кирмаслиги учун деразаларга ва вентиляция тешикларига дока ёки кўзи 2,5 мм дан ошмайдиган сим тўр тутиш тавсия этилади, уларга пашша тутадиган ёпишқоқ, қоғоз осиб қўйиш мумкин. Май ўрталарида биринчи авлод қуртлари мевадан чиқиб пилла ўраш учун дарахтларнинг танасига ва пастки йўғон шохларининг асосига туша бошлаганда дарахт таналарига тутқич белбоғлари боғланади, улар мева териб олингунча дарахтларда қолдирилади ва ҳар 7–10 кунда бир марта кўздан кечирилиб, белбоғдаги қуртлар эзиб ташланади ёки белбоғлар қайноқ сув солинган идишга ботириб олинади ва совугандан кейин яна аввалги жойига боғланади. Белбоғларни вақтида кўриб турилмаса, бундай холатларда унга кириб олган қуртларнинг бир қисми капалакка айланиб олади. Боғларда қуртларнинг асосий қисмини тутқич белбоғлари билан тутиб олиб йўқ қилиш мумкин. Тутқич белбоғ учун эски қоп ва бошқа матолардан фойдаланилади. Унинг эни 10-15 см бўлади ва икки букланиб боғлаб қуйилади. Баъзан похолдан белбоғ қилса ҳам бўлади. Белбоғ боғланадиган жойлардаги пўстлоқ тангачалари тозалаб олинади. Пишмай тўкилаётган олма, беҳи ва олхўрини ҳар 1–3 кунда териб олиб, кесиб, қуритиш ёки молга бериш керак. Тўкилган мевани ўз вақтида йиғиб олиш, боғдаги олма қуртларини 25 фоизгача камайтиради.
Олма қуртини йўқ қилиш учун унинг ҳар бир авлодига қарши дарахтларга икки мартадан дори пуркаш тавсия этилади. Олма дарахти гуллагандан кейин биринчи марта дориланади. Олма гуллагандан кейин гул косачаси ўн кунгача очиқ туради, шу кунлар ичида дарахтларга дори пуркалади. Шох–шаббанинг пастки ва ўрта қисмларигина эмас, юқори қисмлари ҳам яхшилаб дориланиши шарт. Қуйидаги расмларда олма қуртининг зарари ва ўз тухумини барг орқасига қўйганини кўриш мумкин.
Кимёвий кураш чоралари: Вегетация даврида таркибида хлорантранипрол, ацетамиприд, лямбда-циголотрин, тиоклоприд ёки циперметрин+хлорпирифос бўлган препаратлар билан ишлов берилади.

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ ХАВФЛИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ: ОЛМА МЕВАХЎРИ

Вилоят ўсимликлар карантини
давлат инспекцияси инспекторлари: Шерзод Юсупов, Ахрорбек Усвалиев

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz