Гилос пашшаси (Rhagoletis ceras)

Сўнги йилларда Республика шароитида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан гилос меваси сифати ва харидоргирлиги билан жахон бозорларида ўз ўрнини топмоқда.
Гилос боғларидан юқори ва сифатли ҳосил олишда унинг асосий зараркунанда ва касалликларидан ўз вақтида самарали ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳозирги кунда гилоснинг энг асосий ва хавфли зараркунандаси бу гилос пашшаси бўлиб, унга қарши кураш чоралари ўз вақтида амалга оширилмаса ҳосилнинг миқдори ва сифати 80-100% гача йуқотилиши мумкин.
Гилос пашшаси Европа, Шимолий Кавказ, Грузия, Молдова, Қазоғистон, Ўрта Осиё давлатларида тарқалган. Гилос пашшаси майда
(5,5 мм) бўлиб, унинг танаси ёрқин қора рангда, боши ва оёқлари сариқ, қаноти оқ-қора бўлиб, кўзлари оч яшил рангда. Личинкалари (7 мм) оқ рангда бўлиб, меваларни зарарлайди. Гилос пашшаси бир йилда бир марта авлод беради, ҳар бир пашша 150 тага яқин гилос ёки олчага биттадан тухум қўйиб зарар келтиради. Эрта баҳорда ҳаво ҳарорати +12⁰ +15⁰С бўлганда яъни март ойининг иккинчи ярмида қишлаб қолган ғумбаклардан пашшалар уча бошлайди ва 12-14 кун ўсимлик ширалари ажратган экскриментлар билан озиқланиб, ҳаво ҳарорати ўртача +18⁰ +22⁰С бўлганда гилос ва олчанинг ёш меваларига тухум қўя бошлайди. Тухум қўйиб бўлган пашшалар бир неча кундан сўнг нобуд бўлади. Тухумидан 7-10 кундан сўнг оқ рангдаги личинкалар чиқа бошлайди ва 16-20 кун озиқланади.

Гилос пашшаси (Rhagoletis ceras)


Гилос пашшаси – зарарланган боғ, ён атрофидаги бегона ўтлар, дарахтларнинг ёриқларига кириб ғумбакка айланади ва диапаузага кетади. Гилос боғларида ушбу зараркунанда ўтган мавсумда тарқалганлиги аниқланган бўлса, демак тайёр туринг келгуси мавсумда ҳам қулай шароит бўлганда зараркунанданинг зарари бўлиши мумкин.
Гилос пашшасига қарши қуйидаги тадбирлар қўлланилади: Боғларни минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, қатор ораларига ишлов бериш ҳамда боғнинг ичкариси ва атрофларидаги бегона ўтларни йўқ қилиш зарур.
Гилос пашшасини олдиндан аниқлаш, мониторинг қилиш мақсадида дарахтларга гектарига 1 донадан феромон тутқичлар қўйиш ва уларни доимий кузатиб бориш муҳум ҳисобланади.
Ушбу зараркунанда аниқланганда унга қарши олтинкўз энтомофагини боғларга тарқатиш ҳамда таъсир этувчи моддаси абамектин, имидоклоприд ва лямбда-цигалотрин бўлган инсектоцидлар қўллаш юқори самара беради.

Шерзод ЮСУПОВ, Ахрорбек УСВАЛИЕВ,
вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспекторлари.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz