Чортоқ туманида “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида ўрганишлар давом этмоқда

Чортоқ туманидаги Дамариқ ва Кесканёр маҳаллалари 1-сектор ҳудудида жойлашган. Бугун туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Анваржон Отаходжаев бошчилигида ушбу икки маҳаллада яшовчи аҳоли муаммолари ва бизнес ташаббусларини ўрганиш, ободонлаштириш, маҳаллани ривожлантиришнинг “драйвер” соҳаларини аниқлаш, ижтимоий соҳа объектларининг аҳволи, ишсиз аҳоли, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар,тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш талабини аниқлаш мақсадида ўрганишлар олиб борилди.

Чортоқ туманида “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида ўрганишлар давом этмоқда

“Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасидаги ўрганишлар давомида фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уйма-уй юриш орқали уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Жумладан, Кесканёр маҳалласи Нурчи кўчасида яшовчи Гулнора Йўлдошевага имтиёзли кредит асосида 10 бош қўй олиб бериладиган бўлди.

Шунингдек, 1-гуруҳ ногирони Шамсиддин Ҳабибуллаевга Кесканёрдаги 32-мактаб ўқитувчилари томонидан якка тартибда таълим бериб келинмоқда. Туман ҳокими ушбу хонадон шароитини ўрганди, Шамсиддиннинг ҳолидан хабар олди, унинг онаси ва бувиси билан суҳбат жараёнида малакали тиббий хизмат ва ногиронлик аравасига эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Туман ҳокимининг топшириғи билан шу вақтнинг ўзида етиб келган туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи раҳбарлигидаги шифокорлар бемор болани назоратга олишди. Ногиронлик араваси ҳам етказиб берилди.

Давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш истагини билдирган тадбиркорнинг ташаббус қўллаб-қувватланди.

Ўрганишлар ҳар куни давом этади ва мавжуд камчиликларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz