Юрт фидойилари унутилмайди

Чортоқ туманидаги 12- ва 48-мактабларда “Инсон-азиз, хотира-муқаддас” шиори остида умумтаълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, тарих фани ўқитувчилари учун семинар ташкил этилди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш ва унинг аҳамиятли жиҳатларига бағишланди.

Юрт фидойилари унутилмайди

Дарҳақиқат, фармойишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Чортоқ туманидан қатағон бўлган инсонларнинг хотирасини абадийлаштириш ва руҳини шод этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда

Семинарда таъкидланганидек, халқимиз озодлиги ва эркинлиги, авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, улар фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасидаги қатор ишлар натижасида кўплаб пок номлар тикланмоқда.

Маълумки, мустамлакачилик даврида минглаб аждодларимиз Ватан озодлиги йўлида фидойиларча курашиб, репрессияга учраганлар. Ушбу даврда кўплаб ватандошларимиз юрт озодлигига эришиш, мустақил тараққиётни таъминлаш, тарихий, маданий, диний қадриятларни сақлаб қолиш, тиклаш йўлида курашганлар ҳамда бу борада азиз жонларини фидо этганлар.

Семинарда мустақиллик ва адолат тантанаси йўлида умри хазон бўлган ҳар бир ватандошимизнинг исми-шарифини тиклаш бўйича олдимизда турган долзарб вазифаларга асосий эътибор қаратилди.

Ишчан ва амалий руҳда ўтказилган семинар якунида Президентимизнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбирларда туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А.Асрақулова, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари У.Сатторов, туман ҳалқ таълими бўлими мудири А.Акбаров, 48-мактаб директори Н.Ҳайитовалар сўзга чиқдилар.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz