Картошка куя хавфли карантин зараркунандаси.

Картошка куяси (Рhthorimaeа ореrculella Zеll) –картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли карантин ҳашарот ҳисобланади. Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланади. Уни дастлаб Техаслик энтомолог олим Целлер 1873 йилда аниқлаган. Бугунги кунда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида кенг тарқалганлиги кузатилган. Мамлакатимизда картошка куяси илк бор 2009 йилда Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Шовот, Гурлан, Қушкўпир туманларида аниқланган. Ҳозирда бу хавфли карантин ҳашарот Республикамизнинг барча картошка экилган майдоларида ривожланиб тарқалмоқда.

Зарари: Картошка куяси кўчатларга ҳам, ўзини тутиб олган ўсимликларга ҳам зарар етказади, кўчатларнинг айрим баргларини ва баъзан бутун тупини қуритиб қўяди. Тамаки ўсимлигига куя тушса, тамаки саноат учун яроқли ҳосил бермайди. Ўзини тутиб олган ўсимликлар барги тамомила зарарланганда қувватдан кетиб, ҳосили жуда камаяди. Картошка куясининг капалаги экинларининг баргидан ташқари юзароқдаги картошкасига ҳам зарар етказади. Далада картошка қазиб олингандан кейин, омборга куя личинкалари билан зарарланган тугунаклар олиб кирилса 25–80 фоиз сақланаётган картошка тугунаклари нобуд бўлиши мумкин.

Картошка куя хавфли карантин зараркунандаси.


Картошка куясининг капалаги.

Тухуми овал шаклда. Баъзан бир томони ботиқроқ бўлади. Эни 0,35–0,45мм, узунлиги
0,8 мм катталикда бўлади. Янги қўйилган тухумлари оқ рангда, камалаксимон товланиб туради. Қобиғи силлиқ, бир томони тўрсимон. Вақт ўтиши билан тухум тўқ рангга киради ва қурт чиқишидан олдин қобиқдан кўриниб туради.

Личинкаси. Тухумдан чиққан личинка 1,2 мм узунликда, рангсиз ёки оч қизғиш тусда бўлади, вақт ўтиш билан тўқ жигарранг тусга киради, бош қисми қора рангда. Етук личинкалар 10–13 мм узунликда, эни 1,5 мм, ранги сарғимтир қизғиш ёки яшилсимон кулранг тусда. Бош қисми тўқ жигарранг ёки қора рангда. Кўкрак қисми деярли қора, сарғиш, қалқонлари жуда кичкина ва тўқ тусда.

            Пилла ва ғумбаги. Пилласи сарғиш-кумуш рангда. Бошқа куяларга нисбатан жуда пишиқ ишланган. Личинкалар аввалига ипак тўр тўқийди, сўнг ички қаватини тўқийди. 24 соат давомида пиллани тайёрлаб улгуради. Шундан сўнг пилла ичига кириб, тешикларни беркитади ва 3-4 кундан кейин ғумбакка айланади. Ғумбак узунлиги 10 мм, эни 4 мм ни ташкил қилади. Эркагининг ғумбаги, одатда урғочининг ғумбагига нисбатан кичикроқ бўлади.

Ҳаёт кечириши: Урғочи куя ўсимликлар баргининг пастки томонига (асосан томирлар яқинига), баъзан ўсимликлар бўғзи атрофидаги тупроққа, баъзан помидор мевасига биттадан ёки иккитадан тухум қўяди, картошка юзасидаги чуқурчаларга тухум қўйишни яхши кўради. Урғочи куя умрида 150-200 тагача тухум қўяди, тухум қўйиши 6 кундан уч ҳафтагача давом этади. Тухум қўйиб бўлган урғочи капалаклар нобуд бўлади. Қуёш ботиб, қош қорайганда ва саҳардаги ғира-ширада капалаклар учади ва тухум қўяди. Турли шароитда 5 кундан 30 кунгача ўтгандан кейин тухумлардан личинкалар чиқади. Личинка тухум ичини кемириб ўзига чиқиш учун тешик очади ва тухумдан чиқади. Бўшаган тухум оқ рангда бўлади.

Тухумдан чиққан личинкалар бирданига баргни кемира бошламайди, аввалига ўргимчак тўрисимон тўрлар тўқийди ва шуни ичида юриб, бироздан кейин барг, меваларга йўл очади ва уларни кемира бошлайди. Ўргимчак тўри остида йўллар кенгайиб бориши билан, личинка ўз экскрементлари билан тўлдириб боради. Одатда личинкалар битта йўл очиб олади, агар озуқа кам бўлса, иккинчи йўлни ҳам очиб олиши мумкин. Дала шароитларида личинкалар баргдан ташқари, пояларни ҳам зарарлаб эпидермис қаватидан йўл очиб ташлайди. Личинкалар тўртинчи ёшга етганларида жуда катта зарар келтира бошлайди.

Личинкалар картошканинг яшил, мўрт устки қисмида, тамаки ёки бошқа ўсимликларда ривожланади. У тез ўзгарувчан ҳароратга мослашувчан бўлиб, қаттиқ совуқда ҳам мевалар ичида яшовчанлигини сақлаб қолади. Личинкалар одатда чиқиндилар ёки тупроқ орасига кириб ғумбакка айланади. Тупроқдаги кесаклар ёки бошқа жисмларга ёпишиб олади. У ўзи зарарлаган дарахт остидаги тупроқда ғумбакка айланган бўлса ҳам, уни ўша жойда топиш, кўз билан илғаш жуда қийин. Ғумбак омборхоналар, қоп оралиқлари, картошка куртаги оралари, пол тешиклари ва бошқа кўз илғамайдиган жойларда бўлиши мумкин.

Куя личинкаси умри давомида 4 ёшни ўтайди, личинка 11-26 кунгача ривожланади. Картошка куяси ҳаво ҳарорати +40 С дан юқори бўлганда яхши ривожланади. Ёз мавсумида Картошка куясининг личинкалар 11 кун, ғумбаги эса 7 кун ривожланади. 270 С лик ҳароратда зараркунанданинг ривожланиши ҳаммаси бўлиб 25 кунга чўзилади. Бир йилда 5–6 авлод беради. Қулай шароитда картошка куяси йилига 11-13 тагача авлод бериши ҳам мумкин. Ёз мавсумида бир авлоднинг ривожланиши 22–30 кун, қиш мавсумида эса 2–4 ойгача давом этади. Ҳаво ҳароратининг –40 С ва +360 С бўлиши картошка куясига ҳалокатли таъсир қилади. Картошка куяси бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга асосан қуртлик орқали (картошка билан, қисман итузумсимон ўсимликлар қолдиқларида) ўтади. Ёз мавсумида картошка куяси омборхоналарга тўхтовсиз тухум қўяди. Картошка куясининг асосий ўчоғи омборхоналар ҳисобланади. Куя тарқалган жанубий ҳудудларда ва иссиқ омборларда картошка куяси қишки уйқуга кирмайди. Ҳарорат паст бўлса, куя ривожланишнинг турли босқичларда (асосан ғумбаклик ва личинка босқичларида) уйқуга кириши мумкин.

Кураш чоралари: Агротехник кураш чоралари. Минтақамизнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, картошка палагининг ривожланишдан тўхтамасдан олдин (палаги қуримасдан) ҳосилни йиғиштириб, олиб чиқиб кетиш. Зараркунандани далада қишлаб қолишига йўл қўймаслик учун, картошка палаги ва зарарланган туганакларни даладан чиқариб йўқ қилиш хамда ер майдонларини

чуқур ҳайдаш ва яхоб суви бериш каби агротехник тадбирлар ўтказиш. Бу тадбирлар куянинг қишловга кетган ғумбакларини 50-70 % гача нобуд қилади.

Кимёвий кураш чоралари: Картошка куясига қарши қуйидаги делътаметрин + триазофос лямбда – цигалот, диметоат таъсир этувчи моддалари бўлган препаратлар яхши самара беради.

Карантин кураш чоралари: Зараркунанда тарқалган давлатлардан келаётган уруғлик ва озуқабоп картошка маҳсулотларини карантин текширувидан ўтказиш, картошка маҳсулотларини, уларни ташиган транспорт воситаларини зарарсизлантириш ҳамда карантин сертификати асосида олиб кириш. Республика ҳудудида ички карантин тадбирларини белгилаш, картошка куяси тарқалган ҳудудлардан, картошка маҳсулотларини куя тарқалмаган ҳудудларга зарарсизлантирилган ҳолда карантин хизматининг рухсати билан олиб ўтиш. Картошка сақланаётган омборхоналарни тавсия этилган фумигант бромметил билан зарарсизлантириш яхши самара беради. Карантин назорат ишларини омборхоналарда, экин майдонларида мунтазам равишда олиб бориш зарур.

Вилоят ўсимликлар карантини          Усвалиев Ахрорбек

давлат инспекцияси инспекторлари:                                                   Юсупов Шерзод

                                                                                                             

Картошка куя хавфли карантин зараркунандаси.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz