Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Хожаханович Отаходжаевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан туман аҳлиги байрам табриги

Ассалому алайкум азиз юртдошлар, қадрли чортоқликлар!

Авваломбор, Сиз азизларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Барчамиз учун қадрли бўлган мазкур сана жонажон Ўзбекистонимиз номини мустақил мамлакат сифатида дунёга танитгани, халқимизга эркинлик олиб келгани, эзгу қадрият ва ўлмас анъаналаримизни тиклашга замин яратиб бергани билан аҳамиятлидир.

Истиқлол туфайли эришган ютуқларимиз ҳақида гап кетганда кейинги тўрт йил ичидаги ўзгаришлар муҳим ўрин тутади. Ҳаракатлар стратегиясини амалда таъминлаш чоралари кўрилаётгани, халқ қабулхоналари, давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши, маҳалла тизимидаги янгича имкониятлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўплаб хайрли ишлар шулар жумласидан.

Бу йилги истиқлол айёмини “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”, деган улуғвор шиор остида нишонлаяпмиз. Айниқса, бутун дунёни ташвишга солаётган ва инсонлар саломатлиги, иқтисодий ўсишга жиддий зарар етказаётган пандемия даврида ҳам Ўзбекистон қудрат манбаи эканини яна бир карра исботламоқда.

Йил қанчалик оғир келмасин эришилаётган ютуқлар ҳам салмоқли бўлмоқда. 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да ушбу йилга ҳамоҳанг равишда кенг ислоҳотлар давом эттирилиб, олдимизда турган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган иқтисодий, сиёсий ҳамда ҳуқуқий соҳадаги кенг қамровли ислоҳотларни, энг аввало, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, туманимиз аҳли ҳам белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларини сафарбар этиб, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топиши ва гуллаб-яшнашига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Улуғ айём кунларида нуроний отахону онахонларимиз, фахрийлар, бугунги кун қаҳрамонлари бўлган шифокорлар, ўқитувчи ва мураббийлар, ижодкор-зиёлилар, шижоатли ёшларимиз, қурувчи-муҳандислар, маҳалла раислари, йўлчилар, хуллас, барча соҳа вакилларига ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Яна бир бор сизларни Ватанимизнинг Истиқлол байрами билан чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, хонадонларингизга файзу-барака тилайман. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz