ЁШЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Республикамизда 2019-2020 ўқув йили битирувчиларини олий таълим, касб-ҳунар мактаблари, техникум ва тадбиркорлик фаолиятига қамраб олиш учун Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан жойларда туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Учрашувларда мактаб битирувчиларини истеъдод ва қизиқишига кўра таълимнинг кейинги босқичи ёки касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорликка йўналтириш мақсадида уларга тушунча, маълумот, ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам берилмоқда.

ЁШЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
Чортоқ туман ҳокими ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг сектор раҳбарлари Ҳазратишоҳ, Алихон, Сарой, Созсой, Арбағиш, Тўриқ қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги йигирмадан ортиқ умумтаълим мактабларини битирган 650 нафардан зиёд йигит-қизлар билан бевосита савол-жавоб ўтказдилар. Юзма-юз мулоқотларда кўп бор таъкидланганидек, жорий йил ОТМга ўтган йилдагига нисбатан қарийб икки баробар кўп квота ажратилди ёки битирувчиларнинг 30 фоизини олий таълимга қамраб олиш кўзда тутилган. Ўқиш истагида бўлмаган ёшлар эса касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун Чортоқ туманида ҳам ўзига хос ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, тумандаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежи негизида “Мономарказ” ташкил этилиб, битирувчиларни икки ойлик қисқа курсларга тикувчилик, атлас тўқиш, асаларичилик, инглиз ва рус тилларини ўрганишга жалб этилмоқда. Аҳамиятлиси, бу ёшлар ўқиш даврида энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида стипендия билан таъминланади. Сўнгра уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Тумандаги “Наманган асаларичи агротоморқа хизмати” МЧЖ раиси Муроджон Турсунов эса жорий йилда 250 нафар ёшга асалари оиласи тарқатиб, уларни етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик билан шуғулланишга рағбатлантирди. Кластер лойиҳаси бўйича иш олиб бораётган тадбиркор ёш асаларичилар етиштирган табиий маҳсулотни бозор нархида сотиб олади ва чет элга эспорт қилишни режалаштирган. Келгуси йилда яна 300 та иш ўрни яртишга замин тайёрланмоқда.
Битирувчилар орасида ҳам ҳали ёш бўлишига қарамай, ўзларининг бизнес режасини дадил ҳаётга тадбиқ этишга уринаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Масалан, Ҳазратишоҳ қишлоғи маркзидаги маданият уйида бўлиб ўтган учрашувда 10-умумтаълим мактаби битирувчиси Нозима Абдуқаҳҳорова қишлоқда тил ўрганиш ўқув маркази ҳамда совун ишлаб чиқарадиган кичик корхона қуриш учун жой ва маблағ ажратилишини сўраб туман ҳокими Анваржон Отахўжаевга мурожаат қилди. Туман раҳбари давлатимиз бу каби интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, эзгу мақсадни амалга ошириш учун бўйича маслаҳат ва йўл-йўриқлар берди.
ЁШЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
Мен ўзим Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида ўқимоқчиман, – дейди Нозима, – Ўқиш баробарида тил ўрганиш маркази фаолиятини ҳам йўлга қўймоқчиман. Чунки, қишлоғимиз ёшлари ўртасида тил ўрганишга бўлган талаб жуда юқори.
Таъкидлаш ўринлики, жорий йилда тумандаги умумтаълим мактабларини 2619 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 16 нафари муддатидан аввал нуфузли хорижий давлат университетларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Тадбирларда бу каби истеъдоли ёшларга туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.
Жойларда битирувчилар билан бўлиб ўтган суҳбатларда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Дилфуза Ҳакимова, туман прокурори Қаҳрамон Бойзоқов, ИИБ бошлиғи Собитхон Абдураимов, ДХХ бошлиғи Зоҳиджон Ғофуров, ДСИ бошлиғи Аброр Қуловлар ёшлар билан очиқ суҳбатлар ўтказиб, уларнинг ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан берган саволларига батафсил жавоб бердилар.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz