ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ тизимининг барча йўналишларида ўзгаришлар бўляпти

 

Анваржон Отаходжаев,Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгаши раиси, туман ҳокими, 1-сектор раҳбари

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ тизимининг барча йўналишларида ўзгаришлар бўляпти
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ишлаб чиқилган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ижроси босқичма-босқич бажариляпти.
Жумладан, жорий йил «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури қабул қилинди. 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли Фармон, вилоят ҳокимининг 2020 йил 5 мартдаги 135-сонли қароридан келиб чиқиб, туманимизда ҳам олдимизда турган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган туман ҳокимининг 191-сонли қарори қабул қилинди.Кенг кўламли Дастурлар доирасига барча соҳалар қамраб олинган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, инвестиция киритиш, ижтимоий соҳани кенг қамраб олиш каби манзилли чора-тадбирлар белгиланди. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, 4 та сектор раҳбарлари, бошқарма, бўлим ва мутасадди ташкилот бошлиқлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жорий йилнинг ўзида давлат қабул омборларига 4480 тонна пахта, 11848 тонна ғалла етиштириб топшириш учун контрактация шартномалари имзоланди.
 Деҳқончиликнинг ҳандалаги бўлган пилла тайёрлаш мавсумини ёруғ юз билан якунладик. 2998 қути ипак қурти уруғи парвариш қилиниб, 180 тоннадан ортиқ «кумуш тола» етиштириб берган соҳа ходимлари ҳамда пиллакорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Олдимизда яна бир шарафли вазифа турибди. Миришкор фермеру деҳқонларимиз 3740 гектар майдонда ғалла етиштиришди. Халқимизнинг ризқи бўлган буғдой ўримини ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиб, қисқа вақт ичида ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу мажбуриятимизни ҳам уддалаб, халқимиз ва ҳукуматимиз ишончини албатта оқлаймиз.
Бу йилги баҳор бир қатор синовлар билан бошланди. Бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган пандемия шароитида муҳтарам Президентимиз олдимизда турган устувор вазифаларни қатъий белгилаб бердилар. Март ойининг ўрталаридан бошлаб тумандаги барча сектор раҳбарлари ва мутасадди ходимлар карантин қоидаларини халққа тушунтириш баробарида, улар билан яқинлашдик. Аҳоли томорқа ер майдонларидан унумли фойдаланиш учун махсус ишчи гуруҳларимиз фаолият олиб борди. Нафақат, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди, балки ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга ўн турдан ортиқ сабзавот, полиз кўчатлари, уруғлари етказиб берилди. Аҳоли тасарруфидаги 895 гектар томорқа ерларига ўз эҳтиёжлари учун зарур бўлган картошка, пиёз, сабзи, булғор қалампири, бақлажон, қизил лавлаги, саримсоқпиёз ва кўкатлар экилди.
Қилинган меҳнатлар натижасини кўриб турибмиз. Дунёнинг бир қатор мамлакатларида давом этаётган озиқ-овқат тақчиллиги бизнинг халқимизни ташвишга солгани йўқ. Ишнинг кўзини билган, ҳалол меҳнат билан ризқ яратган юзлаб, минглаб хонадонларда биринчи сабзавот экинлари пишиб етилди. Ўз эҳтиёжларидан ортганини сотиб, даромад кўришяпти. Буни айтишдан мақсад, жуда катта ер майдонларига тўғри келаётган аҳоли томорқасининг бир қаричини ҳам бўш қолдирмаслигимиз зарур. Иккинчи, учинчи экин экиш агротехникасини ҳам сусайтирмай, амалга оширамиз. Бунда маҳалла фуқаролар йиғинларига ва ҳаёт синовларини кўп кўрган, деҳқончиликда тажрибаси бор миришкор нуронийларимиз, фаол жамоатчилик вакилларига суянамиз, албатта.
Ўтган олти ой давомида қилинган ишлар бошқа соҳаларда ҳам самарали бўлди. Мисол учун, қарийб ўн беш йилдан бери якунланмаган Наманган-Чортоқ автобомиль йўлининг 3,3 километрида улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди. Янги йўл ва иккита катта кўприк фойдаланишга топшириляпти. Замонавий дизайн асосида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириляпти. Бу имконият нафақат халқимизга қулайлик туғдиради, балки туманимиз инфратузилмаси тараққиётига хизмат қилади. Яна фахр билан айтишга арзийдиган катта лойиҳалардан бири, Кўшан адирликларида катта бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. «Golden nuts Namangan» агро томорқа хизмати томонидан 13 млрд сўмлик лойиҳа асосида 1000 та иссиқхона қуриляпти. Шу жойнинг ўзида, энг замонавий чорвачилик комплекси бунёд қилинади. 150 гектар ерда интенсив боғлар яратамиз. Мева, сут, гўштни қайта ишлайдиган ва тўғридан-тўғри хорижий давлатларга экспорт қилинадиган заводлар қурилади/
Катта ва комплекс лойиҳалар доирасида туманимизга энг сўнгги инновация, энг сўнгги замонавий технологиялар кириб келяпти. Биз ерга уруғ ва кўчатлар экишдан бошлаб, агротехник тадбирларни ҳам катта самарадорликка қаратиб ишлаймиз. Мингдан ортиқ оилага 0,2 сотихдан иссиқхона берсак, икки минг кишининг бандлиги таъминланади ва иссиқхона эгалари мулк эгаси ҳам бўлади. Уларнинг ҳар бирига 13,5 млн сўмдан имтиёзли кредит берилади ва бу қарзнинг 50 фоизи давлат томонидан қопланади.
Ўз мулки, иссиқхонасига эга бўлган фуқаролар «Ерга нима эксам бўлади, уни уруғи, кўчатини қайдан оламан? Агротехник тадбирларни билмайман ёки ҳосилни қайда, кимга сотаман?» деб бош қотирмайди. Унга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, мутахассислар амалий ёрдамлар беришади. Маҳсулот экспорти устида ҳам жиддий ишлаяпмизки, бунинг натижасида туманимизга валюта кириб келади.
Ойқирон адирларини ўзлаштириш бошлаб юборилди. Ҳоким сифатида шунга амин бўлдимки, туманимизда жуда катта имконият заҳиралари бор. Адирлар унумдор, тупроғи тоза. Агар сув муаммосини ҳал қиладиган бўлсак, барча ҳудудлардаги юзлаб, минглаб гектар қаровсиз қолган ерлар ўзлаштирилиб, иш ўринлари яратилади.
Айни кунларда Чортоқ сув омборидан ҳам мақсадли фойдаланиш учун янги инновацион технологиялар асосида (қафасда) балиқ боқиш лойиҳаси якунига етай деб қолди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу жойдан бир йилда 400 тонна балиқ маҳсулоти халқимизга етказиб берилади.
Барча иқтисодий самарадорлик инсонни ўз-ўзидан руҳий қувватлантиради. Маънавий бўшлиқ сезмаган одам ўзини, ўзликни англайди. Буни айтишимга сабаб, жорий йилда Балиқликўл ва Биби Наима она зиёратгоҳларида бошланган ишлар ниҳоясига етяпти. Энди, бу қутлуғ қадамжо зиёрат туризми манзилига айланади.
Шу ўринда холис айта оламанки, ишларимизнинг баракасида муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари, қўллаб-қувватлаётганликлари, вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровнинг бевосита амалий ёрдамлари алоҳида аҳамиятга эга.
Давлат дастурида белгилаб берилган бирорта масалани эътиборимиздан четда қолдирмаслик учун имкониятлар яратилган. Ижрони таъминлаш учун масъул ва мутасадди раҳбарлар фаолиятини муттасил мониторинг қилиб борамиз. Бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишимиз зарур.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz