Фрилансер – ижтимоий тармоқ орқали ташқи дунё учун йўл

Бугунги кунда фрилансинг жуда кўпчилик аҳоли кундалик хаётининг ажралмас қисмига ҳам айланиб улгурди, сабаби ушбу йўналишдаги иш билан таъминлаш, маблағ топиш ва талабга доир ишни бажариш шартлари инсонлар учун кўпгина қулайликлар келтириши оқибатида инсонлар ўзлари учун қулай бўлган форматда ишлашлари табиий. Бунинг учун эса мамлакатимизда ушбу йўналишдаги меҳнатни рағбатлантириш бўйича имкониятлар яратилмоқда.
Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши, бу соҳадаги ишларнинг ривожланиши учун жуда катта хизмат қилади.
Мазкур қарорга кўра , Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланди ҳамда 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди.
2020 йил 1 июлдан бошлаб қўйидагилар;
-ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;
-ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади;
-ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.
Булардан ташқари, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқлар берилди.
-кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
-контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).
Эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш учун қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи мобиль иловани ишлаб чиқилади ҳамда буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш,мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш,кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имкониятлари яратилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.
2021 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш, кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш,тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш,тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш имкониятини яратувчи фойдаланишга ёрдам берадиган “Бизнес навигатор” ахборот тизимини жорий қилинади.
Яратилаётган бу имкониятларнинг барчаси албатта халқимиз турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz