«Oнам»га отилган тош

Ёҳуд бугунги босма нашрларга бўлаётган муносабатлар

Экин-тикин учун уруғ олишга бозорга бордим. Хайрият, хув нарида бир йигит мен излаган нарсалар савдоси билан банд экан. Яқинлашдим, пайқамади ҳам. Бир оғайнисига оғиз кўпиртириб мақтанарди:

– Кеча интернетдаги чиқишимни кўрдингми? Дуони «додаси»ни қилдим. Унча-мунча муллалар ҳам бу борада менга йўл беради.

Харид жараёнида билиб олдим. У бугунги кун ҳолатига интернет орқали ўз муносабатини билдирган экан. Ёнидаги оғайниси мени таниб қолди шекилли:

– Мана, опага айтсак ўша фикрларингни газетада ҳам беришади, – деди. Унга хали ўз фикримни айтишга ҳам улгурмаган эдим. Яна халиги «доно» сотувчи гапни илиб кетди:

– Э, нималар деяпсан, ҳозир уни ким ҳам ўқийди? Шахсан мен газета ўқимайман. Бизга шу интернет маъқул. Истаган гапингни айтасан, хоҳлаганингни кўрасан.

Унга олган уруғларимнинг пулини берарканман:

– Укажон, нима десангиз денг, лекин газеталар ҳақида бундай фикрламанг, – дедим. Шу гапни зўрға айта олдим, холос. Бўғ-зимга нимадир тиқилди. Ўзимни базўр тутдим. Чунки, газета бу менинг онамдай азиз. Мен она меҳрини кўрмаганман. Етимлик – қисматим. Аммо «Чортоқ ҳақиқати» таҳририятида «туғилдим». Меҳрибон устозларим қўлида ундим, ўсдим, тарбия топдим. Қаламим чархланди. Гўё ўша маънавиятига қурт тушган сотувчи мени онамга қарата тош отгандай эди. Тош эса, менинг юрагимга тегди. Қўлимда у берган бир сиқимгина уруғ. Шунчалар          оғир эдики, гўё кўтаролмай силлам қуриб борарди. Йўқ, уни ҳовлимга сепмайман, сеполмайман. Аста қўлимга олиб, сойга совурдим.

Ўқимаган бир оми одамдан хафа бўлиб нима қилдим. Бугун ақли расо, теъран фикрлайдиган инсонлар ҳам газеталарни йўқ қилиш ҳақидаги фикрларни олға суришяпти. Бу не ҳол? Ҳар бир соҳага берилаётган эътибордан, беғараз ёрдамлардан энг биринчи –  биз журналистлар мамнун эдик. Хайрият, вақти келиб таҳририятлар фаолияти кўриб чиқилади, дея умидвор бўлдик. Ўшанда молиявий ҳолатимиз, журналистларнинг бугунги аҳволи яхшиланади, дея қувонган эдик. Лекин юқоридагилар нима қилишяпти???

Тўғри, ҳар бир обуначи ўзи ўқиётган газетадан бугунги кунни излайди. Ҳаёт эса, тўкисликдан иборат эмас. Ўнқир-чўнқирлари бор. Биз эса равон йўллар ҳақида кўпроқ ёзамиз. Бугунги кун оғриқ-лари жуда кам ёритилади. 

Мана, бизнинг оғриғимиз қаерда. Шунинг учун бўлса керак, бугун интернет журналистикаси олға сурилган. Аммо бу билан бугунгача кўзимизга тўтиё қилган, сизу бизни «фалончиев» қилиб элга танитган газетамизга ўт қўёлмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ. Чунки, у биз учун қадрли.

Мен излаганларимни «Чортоқ ҳақиқати» гезатасининг қирқ йиллик тахламларидан топаман. Унда устозларим Маҳмуджон Маъмуров, Муҳаммаджон Тожиддинов, Собиржон Турғунов, Мирзаабдулла Ибрагимовларнинг нафаси бор. Қадрдон ҳамкасбларим Маҳмуджон Парпиев, Дилбар Ҳайдарова, Аҳмаджон Адашев, Содиқжон Даминов, Собиржон Мусабоев, Одилжон Иномов, Носиржон Деҳқонов, Исроилжон Юсуповларнинг ёзганларини ўқиб, кечаги кун тарихи кўз ўнгимда гавдаланади. Маълумки, карантин туфайли газеталар фаолияти маълум муддатга тўхтатилди. Шу муносабат билан нигоҳларимизни интернет тармоқларидан узолмай қолдик. Бу эса, соғлигимизга, кўз нуримизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Кекса авлод вакиллари эса, бундан ҳам бенасиб. Чунки улар бу матоҳнинг «тили»ни билишмайдида. Яқинда устоз Раҳимжон домла Жўрабоевга газетамизнинг янги сонларидан бериб юбордим.

– Аммо  шу ишни яхши қилибсан, қизим, дедилар қувониб. – Туманда бўлаётган янгиликлардан, хайрли ишлардан анча хабар топдим. Газетани мазза қилиб ўқидим, кам бўлма.

Гўшакни қўярканман, енгил тин олдим. Устознинг ана шу эътирофи етарли эди менга.   Демак, маънавияти бор одам ёзганларимиздан фақат иллат эмас, ўзи учун дур топади. Тафаккур гулшанида эса, асло тикон бўлмайди. Ана шу чаман ичра газеталар, босма нашрлар яшаб қолиши керак. Уни йўқотишга ҳаққимиз йўқ.

Манзура ОТАҚЎЗИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz