Оила аъзоларига эслатма ва тавсиялар

Ассалому алайкум, умри азиз ҳазрати инсон! Сизнинг оилангизнинг тинчлиги, саломатлиги ва истиқболини кўзлаган ҳолда ушбу нома хонадонингизга йўлланмоқда. Холис ният, эзгу мақсадлар ила ушбу синовли кунларда сиз билан қуйидаги фойдали фикрларни баҳам кўрмоқчимиз.

Ҳа, бугун бутун Ер юзи аҳолисига, жумладан Ўзбекистон аҳлига ҳам хавфли эпидемия таҳдид солмоқда. Ҳатто, ривожланган мамлакатларда минглаб инсонлар ёстиғини қуритишга улгурди ҳам.

Аммо, сиз чўчиманг. Доимо огоҳ ва эҳтиёткор бўлган ҳолда ҳадик ва ҳавотирдан йироқ бўлинг. Сабаби, сиз оқил юртбошининг ғамхўрлигида, мустаҳкам сиёсат юритаётган давлат ҳимоясидасиз. Қолаверса, донишманд аждодларимиз, азиз-авлиёлар, пир-у устозлар руҳи пок ниятли Ўзбекистон халқини доимо қўллайди. Иймони мустаҳкам, эътиқодли бандаларини Яратганнинг ўзи асрайди.

Сиз азиз фуқародан сўралаётгани шуки, оқилона давлат сиёсатидаги бугунги тартиб ва талабларга амал қилинг – оилангиз билан ўз уйингизда бўлинг. Фақат уйда шунчаки ўтирманг, хўжалик юмушлари, деҳқончилик, соҳибкорлик билан шуғулланинг. Ҳатто, китоб ўқимайдиганлар ҳилидан бўлсангиз ҳам, мутолаага бир уриниб кўринг. Шоядки, ҳар кунги таҳликали хабарлардан, рақамлардан бир оз бўлсада чалғисангиз, кайфиятингиз кўтарилса.

Келинг, яхшиси ана шундай ноёб китобларнинг айримларидаги фикрлар, ҳаёт таълимотлари, инсоннинг имкониятлари ҳақида фикрлашайлик. Зеро, булардан воқиф бўлиб, уйда қолган ҳолда оила аъзоларингиз билан нафақат коронавирус эпидемиясини, балки ҳар қандай хавотирни бартараф қилишингиз мумкин.

Хуллас, биз яшаётган ҳаётнинг тузилиши, инсоннинг илоҳий имкониятлари тўғрисидаги тадқиқотлар кўп нарсани исботламоқда. Инсонга, унинг онгига Яратган томонидан шунчалар кўп имконият ва салоҳият берилган эканки, ҳар қандай истакни кўп ўйлаш, ишонч ва эътиқод орқали амалга ошириш мумкин экан. Онгимиз шунчалар қудратли (сеҳрли дейиш мумкин) қилиб яратилганки,  қандай воқеага ич-ичимиздан ишониб, берилиб эътибор қаратсак, ўша воқеани ўз ҳаётимизга “тортамиз” ва эртанги кунимизда шунга ўхшаш воқеа албатта содир бўлади. Доимо, хавотирда яшаш, касалликдан қўрқиш, камбағалликка кўникиш – буларнинг бари ҳаёт давомида рўй бераверишига сабаб бўлади. Ҳа, аслида ҳам ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётини, тақдирини яхши ёки ёмон томонга буриш унинг ўз қўлида, яъни маънавий дунёқарашининг қай даражада шаклланганига боғлиқ. Оқил киши қирқта ёмонлик ичидан ҳам битта яхшиликни топа биларкан. Хатто, қийин вазиятлардан ҳам оқилона фойдаланаркан. Агар сиз ҳам шу фурсатдан бошлаб, оила аъзоларингиз билан якдилликда ҳар қандай хавотирларни хаёлдан йироқ қилиб, эртанги қувончли кунларни, тўйларни, юрт байрамларини эсласангиз ва шуларни кўп гапиришни одат қилсангиз, ана шундай фарахбахш кунларнинг тезроқ келишига улкан (илоҳий) хисса қўшган бўласиз.

Ҳа, Яратганнинг қудрати ҳам, ҳисоб-китоби ҳам, эзгулиги ҳам беқиёс. Инсонга онг ато этганининг боиси ҳам унинг қалбида доимо эзгу ният, ўзаро меҳр-муҳаббат, иймон, инсоф туйғуларининг устувор бўлишини истайди. Бундай эзгу хислатлар камайган тақдирда турли хил қийинчиликларни, синовларни юборади. Зеро, ҳаётнинг давомийлигида, ривожланишида соғлом дунёқарашнинг, етук маънавиятнинг устуворлиги айни ҳақиқат.

Шундай экан, бўш вақтингиз бисёр бўлган шу кунларда “дўппини олиб қўйиб” бир ўйлаб кўринг, ҳаётингизга, турмушингизга четдан разм солинг. Тирикчилик кўйида хато, камчилигингиз бўлса, иқрор бўлинг ва такрорламасликка ахд қилинг, гуноҳ бўлса чин дилдан тавба қилинг. Уяли алоқа имкониятидан фойдаланиб, яқинларингиздан хабар олинг, далда бўлинг. Дунё аҳлига, жумладан халқимизга чин дилдан меҳр, иймон, инсоф, нажот тиланг. Яқинларингизга меҳр кўрсатинг, имконингиз бўлса, мурувват, саҳоват улашинг.

Зеро, тарих гувоҳ, иккинчи жаҳон уруши даврида сабрли ва иймон-инсофли халқимизннинг чорасиздек кўринган машаққатлардлан ишонч ва дуолар туфайли халос бўлиши, дориломон кунларга етишгани бизларга исбот ва ибрат. Яратган эгам биргина синов билан инсониятни меҳр-оқибатли, иймон-инсофли бўлишга ишора қилди. Буни ўзбекона теран ақл билан идрок этайлик ва “лаббай” дея муносиб жавоб қайтарайлик. Бу қийинчиликлар ўткинчи. Зеро, ҳаётнинг яна бир қонунига кўра, ҳар қандай қийинчиликни синов билиб, хотиржамлик ва оқиллик билан қарши олинса, унинг ортида муваффақият ва фаровонлик яширинган бўлади. Бахтимиз ва имкониятларимиз  шундаки, бугун биз ҳар қандай хатардан ҳоли тарзда мустаҳкам қўрғондамиз.  Юқоридагиларга амал қилган ҳолда, оқил Юртбошимиз ва давлатимизнинг куюнчак раҳбар ва ходимларига доимий тинчлик, саломатлик тилаб, дуода бўларканмиз, саноқли кунларда фарахбахш кунларга етажакмиз.

Барчамизни Аллоҳ ўз паноҳида асрасин!

“Чортоқ ҳақиқати” газетаси ижодий жамоаси.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz