Жамиятнинг маънавий даражаси аёлга бўлган эътибор билан ўлчанади.

Барчамизни дунёга келтирган, дуогўйимиз бўлган мўътабар оналаримиз , қадрдон опа-сингилларимиз, ғамҳўр қизларимизнинг оилада, жамиятимизда тутган ўрни беқиёсдир. Барча халқлар ўртасида ўзининг ибо-ҳаёси, садоқати, вафоси, рўзғор деган аравани жуфти билан тенг тортиши, тенгсиз бахтдан қаср қура олиш билан ўзига иймондан тахт ярата олган, фарзандни неъмат билган ўзбек аёли ажралиб туради. Тарих зарварақларидан жой олган Тўмарису, Нодирабегимлар, Ансару- Отин-у, Увайсийлар жасорати бизларга хамиша ўрнак бўлган.
Ўтмиш файласуфлардан бири “ жамиятнинг қай даражада эканлиги аёлга бўлган эътибор билан ўлчанади, «- дея хақ гапни айтган. Зеро, маълум маънода аёлларнинг жамиятимиз хаётидаги тутган ўрни, иззат-хурмати ,умуман аёлга бўлган эътибор мазкур жамиятнинг маънавий даражасини белгилаб беради.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги роли ҳамда фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда ўзини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш , уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасида жуда катта ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган юзга яқин миллий ва халқаро хуқуқий хужжатлар қабул қилинди ва ратификация қилинди. Ҳар йили давлат дастурлари қабул қилиниб аёлларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича изчил ишлар амалга оширилган бўлсада, ечимини кутиб турган муаммолар ҳам мавжудлиги сабабли сўнгги уч йилда бу борада давлат томонидан белгиланган сиёсат тамомила тубдан ислоҳ этилди десак муболаға бўлмайди.
Аввало, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди, “Аёллар маслахат марказлари” ташкил этилди. Бунда асосан ҳуқуқий, тиббий, психологик қўллаб қувватлаш орқали аёлларимизни мавжуд муаммоларни енгиб ўтишлари учун иммунитетлари ошрилишга эришиш мақсад қилиб белгиланди. Хотин-қизларимизни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида қисқа рақамли “1146” ишонч телефонига келиб тушган мурожаатларнинг сони ҳам ушбу соҳада ўз вақтида кўрилган чораларнинг тўғри бўлганидан далолат беради.
Минг афсуски, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини етарли эмаслиги, етарли касб малакаларига эга эмасликлари оқибатида мураккаб вазиятларга ҳам тушиб қолиш холатлари борлиги ҳам хеч кимга сир эмас. Оилавий ажримлари, турмуш ўртоғидан бевақт ажраб қолишлар ёки ногирон фарзандларини парваришлаш каби ижтимоий муаммоларга учраб жиноят йўлига кириб қолган ёки чорасизликдан ўз жонига қасд қилиш холатлари ҳам учраб турибди.
Давлатимиз рахбарининг ташаббуси билан хотин-қизлар ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт аниқлаш, олдини олиш, жиноят содир этган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудий ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилди. Уларнинг ҳам энг асосий мақсади этиб хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, психологик ёрдамни ташкил этиш, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг худудий бошқармалари билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, бандликларини таъминлаш мақсадида тегишли соҳа мутасаддилари билан ҳамкорликда касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарлик ишларини ташкил этишга қаратилган амалий профилактик ишларни ташкил этиш.
Юқоридагиларнинг барчаси аёл ва унинг манфаатларини ҳимояси учундир. Маҳкума ҳам аввало- аёлдир. Унинг жиноятни содир этишига сабаб бўлган омиллар, пушаймонлиги ёки бошқа объектив ва субъектив омиллардан қатъий назар, маҳкумаларнинг ҳам ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш, қайта жиноят содир этишларини олдини олишга эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига кўриб чиқилди. Ушбу қонун амалга кирганидан сўнг, маҳкума аёлларга уч ёшга тўлмаган болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтда улар билан чекланмаган миқдорда бирга бўлишга рухсат этилади ҳамда вояга етмаган болалари билан бир йил мобайнида тўрт маротаба муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда эса, муассаса худуди доирасидан ташқарида, одатда, ишдан бўш вақтида чекланмаган миқдорда яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашув берилади.
Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглиги, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этмоқда. Яқин кунларда аллақочон анъанага айланиб улгурган Президентнинг Рамазон ҳайити муносабати билан авф эълон қилиши кутилмоқда. Ушбу авф этилган махкумларнинг орасида аёлларнинг сони салмоқли бўлишини халқимиз жуда катта умид билан кутмоқда, албатта ушбу рўйҳатда хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ш.Турғунова

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz