Чортоқ туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Карантин даврида фуқаролар кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун масофадан туриб мурожаат қилишга одатландилар. Лекин айрим кечиктириб бўлмайдиган хизмат турлари борки, уни марказга келмай туриб амалга ошириб бўлмайди. Ана шундай паллаларда ўз жонини хатарга қўйиб, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиб келаётган давлат хизматлари маркази ходимларининг кўрсатаётган хизматларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

Наманган вилоятида замонавий, ҳар жиҳатдан қулай, ёруғ ва шинам давлат хизматлари маркази биноларининг тўққизинчиси Чортоқ туманида барпо этилди.

Таъкидлаш жоиз, Чортоқ туман давлат хизматлари марказига аҳоли томонидан 2019 йилда 56 805 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шуларнинг 55 303 таси давлат хизматларига тўғри келади. 1 502 таси тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида аҳолига 10 926 та хизмат кўрсатилган бўлса, шуларнинг 627 таси тадбирколик фаолиятини йўлга қўйган.

Шунингдек, карантин даврида ҳам марказда кунига 50-60 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Чортоқ туман ҳокимлиги ёнида қад ростлаган икки қавватли бинода барча шароитлар мужассам этилган. Жумладан, марказнинг биринчи қавватида кутиш зали, болалар майдончаси, инвесторлар хонаси, кафе, кутубхона, касса (Э-акуцион) хонаси хамда ФҲДЁ бўлими инспектори учун хона мавжуд.

Иккинчи қавватда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси”, “Бош вазир қабулхонаси” ҳамда архив ҳужжатларини сақлайдиган махсус жой ҳозирланган.

-Чортоқ туманида улкан бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани биз фахрийларни ва бутун чортоқликларни жуда ҳам мамнун этди. Шулардан бири давлат хизматлари маркази янги бинода иш бошлагани бўлди. Аввал мослаштирилган хоналарда аҳолига 100 дан ортиқ хизмат кўрсатади деса, ФҲДЁ ичида жойлашган хонани кўриб ҳеч бир киши ишонмас эди. Мана энди барчаси ўзгарди. Ёруғ ва шинам хоналар, замонавий техник жиҳозларга эга марказ ходимларини кўриб кўзингиз қувнайди. Авваллари рости битта ҳужжат ортидан югур-югур қилиб вақт ўтказганларимиз ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Ҳозирда амалга оширилган ишлар биз истаганимизданда ўзгача. Буларнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг амалдаги исботидир, – дейди, Зокиржон ота Раҳмонов.

Манба: chortoq.uz

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz