Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар билан танишиш мақсадида туманимизда бўлди.

Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар билан танишиш мақсадида туманимизда бўлди.

Дастлаб туман ҳокими Анваржон Отаходжаев, вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов ҳамроҳлигида “Обод диёр” МФЙ ҳудудида 20 йилдан бери фойдаланилмай келган адир массивида ёш оилалар, ишсиз, кам таъминланган аҳоли вакиллари бандлигини таъминлаш учун ташкил этилаётган иссиқхоналарнинг қурилиш жараёни билан танишилди. Бу ерда “Golden nuts Namangan” МЧЖ қошидаги “Наманган олтин ёнғоқлари” ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 1000 та 2 сотихли иссиқхона қуриш режалаштирилган бўлиб, иссиқхоналарнинг дастлабки босқичи май ойининг охиригача қуриб битказилиши кўзда тутилган. Имтиёзли тартибда тақдим этиладиган 2 сотихли иссиқхоналарнинг ҳар бирининг қиймати 5,5 миллион сўм бўлиб, бунинг ярми давлат маблағлари ҳисобидан субсидия сифатида қоплаб берилади. Қолган қисми учун имтиёзли кредит расмийлаштирилади.

Навбатдаги манзил “Оромгоҳ” ва “Соҳибкор” маҳаллалари бўлди.

“Оромгоҳ” маҳалласида 50 та сувсиз хонадонни суғориш учун “Сувчилар отряди” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, отрядга 4 нафар ҳақ тўланадиган жамоат ишчилари бириктирилган. Насос соатига 0,5 литр ёқилғи сарфлаш ҳисобига “Чортоқсой”дан соатига 100 куба сувни тортиш қувватига эга.

“Соҳибкор” МФЙ ҳудудида фаолият бошлаган “OYSTRES” МЧЖда ҳозирда ушбу маҳаллада яшовчи 35 нафар ишсиз фуқаролар “касбга ўқитиш” йўналишида амалиёт ўтамоқдалар. Амалиёт жараёнида тиббий ниқоб ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир ўқувчи 2 ойга 478 248 сўмдан стипендия билан таъминланган бўлса, Ойқирон маиший хизмат касб-ҳунар коллежидан жалб этилган 2 нафар ўқитувчига 2 605 110 сўмдан жами 5210 520 сўм тўлаб берилади. Ўқишни тамомлаб, серитификатга эга бўлган тайёр кадрлар шартномага мувофиқ “OYSTRES” МЧЖда фаолиятларини давом эттирадилар.

Шунингдек, ушбу ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашга ҳисса қўшаётган “Мега голд текстиль сервис” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишилди. 35 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган ушбу кичик корхонада мавсумий кийим-кечаклар, мактаб ўқувчилари учун формалар ва бошқа маҳсулотлар карантин талабларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.

Манба: chortoq.uz

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz