Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг учинчи сессияси ҳақида ахборот

Шу йилнинг 18 апрель куни халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг навбатдаги учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни туман ҳокими Анваржон Отаходжаев очди ва олиб борди. Сессия котиблигига 14-Янгиобод сайлов округидан туман Кенгаши депутати Сарварбек Муродиллаев сайланди.

Сессия кун тартибидан биринчи масала сифатида туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари юзасидан секторлар раҳбарларининг тақдимотлари ўрин олди.
Шундан сўнг сессия муҳокамасига киритилган туман маҳаллий бюджетининг 2020 йил 1-чорак даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми маблағларини йўналтириш, туман ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилган айрим қарорларини тасдиқлаш, баъзи фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтариш бўйича ҳамда фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари бериш ҳақидаги “Очиқ танлов” туман ер реализация қилиш комиссиясининг хулосаларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар депутатлар иштирокида кўриб чиқилди.

Сессия давомида шу йил 14 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини икки бараварга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, муҳокамалар ўтказилди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz