ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Коррупция жамият тараққиётига тўсиқ бўлувчи омил сифатида жамиятнинг барча аъзоларини фаол курашга чорламоқда. Бу иллатга қарши курашишда эса аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш яхши самара бериши барчамизга маълум. Ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билган фуқаро эса бирор бир ишни битириш учун қайсидир мансабдорга хушомад қилиши, пора бериш ҳақида ҳам ўйламайди.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 13 декабрдаги «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Эндиликда 2020 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилади.

1 апрелдан бошлаб эса шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видеотасвирга тушириш тартиби жорий этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар шахсни ушлаганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш мажбурияти юкланади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда қонун ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар прокурор, суриштирувчи ёки терговчининг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан бевосита судга шикоят қилиш ҳамда суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан ишнинг тўлиқ ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, қарор ёки ажрим чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш бўйича жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши белгилаб қўйилди.

2020 йил 1 мартга қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларда жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши қайд этилди.

О. ПОЛВОНОВ,

Уйчи туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси.

Chortoq Haqiqati

http://chortoqhaqiqati.uz